Самарқандда ИИБ ходимига $5 минг пора бермоқчи бўлган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИВ Матбуот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, 2021 йил 30 июль куни Самарқанд шаҳри Имом Восе маҳалласида яшовчи Х.Д. чет давлатга кетиши ва авиачипта олиши учун COVID-19 мавжуд эмаслиги тўғрисидаги тест таҳлилини сохталаштириб, 180 минг сўмга сотган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Шундан сўнг, ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориш жараёнида Х.Д. нинг укаси ҳолатни расмийлаштирмаслик ва ишни ижобий томонга ҳал қилиб бериш эвазига ИИБ ходимига $5 минг пора таклиф қилган. Аммо, ходим ҳолат юзасидан бошқарма бошлиғига билдирги билан мурожаат қилган.
Шундан сўнг, И.Х. ходимга $5 минг берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат бўйича ЖКнинг 211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.