Бугун, 4 август куни АОКАда Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Манзура Ҳасанова иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, 2020 йил декабрь ойида Самарқанддаги “Хитой-бешбармоқ қурилиш материаллар” МЧЖ хорижий корхонасида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси томонидан ўрганишлар ўтказилган.
Шундан сўнг, МЧЖдаги электр энергиясига уланиш схемалари нотўғрилиги аниқланиб, далолатнома асосида 1 млрд 215 млн сўмлик асоссиз тўловлар ҳисобланганлиги ва бу билан корхона рози эмаслиги ҳақида мурожаат келиб тушган.
Ушбу мурожаат ўрганилганда, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Булунғур туман электр тармоқлари корхонаси томонидан қайта ҳисоб-китоб далолатномаси асосида хорижий корхонага ҳисобланган 1 млрд 215 млн сўмлик тўлов суммасининг 825 млн 498 минг сўми асоссиз ҳисобланганлиги аниқланди.
Ушбу асоссиз ҳисобланган тўловлар “Хитой-бешбармоқ қурилиш материаллар” МЧЖ хорижий корхонаси фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинди.