“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази вакцина олиш бўйича жамоатчилик фикрини ўрганди.
Тадқиқот натижасига кўра, фуқароларнинг 53,2 фоизи коронавирусга қарши эмланишга тайёрлигини тасдиқлашиб, улар вакцина аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш учун самарали йўл эканлигини билдирган.
Аммо, сўралганларнинг 36,5 фоизи эмланишдан бош тортмоқда.
Шунингдек, эмланишга тайёр эркаклар бунга қарши эркаклардан 30,8 фоизга юқори бўлиб, улар 60,7 фоизни ташкил этади. Аёллар орасида эмланишга тайёрлар ва эмланишни истамайдиганлар фоизи тахминан бир хил: 43,3 фоиз эмланишни истайди, 45,2 фоиз истамайди.
Қайд этилишича, эмланишга тайёрликнинг энг юқори кўрсаткичи 45-54 ёшдаги фуқаролар орасида аниқланган. Эмланиш борасида бир қарорга келмаган фуқароларнинг энг юқори даражаси эса 18-24 ёшгача бўлган ёшлар орасида аниқланди.
Сўровнома иштирокчиларининг 37 фоизи келаётган ҳафтада, 25,7 фоизи бир ой ичида ҳамда 11,3 фоизи агар поликлиникага чақирилган тақдирда эмланишга тайёрлигини таъкидлади.