Бугун, 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Унда, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман иштирок этди.

Ушбу учрашувда Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бир қатор таклифларни илгари сурди.
Президентнинг таъкидича, саноат кооперацияси, инновациялар ва рақамли технологияларни ривожлантириш ҳисобига узун қўшилган қиймат занжирларини яратиш мумкин.
Бунинг учун мамлакатлар тадбиркорлари ва ҳудудлари ўртасидаги бевосита алоқаларни рағбатлантириш, инвестиция ва иқтисодий форумларни мунтазам ўтказиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёев савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг умумий йўналишлари тўғрисидаги битимни қабул қилиш фурсати келганини айтди.
Шу муносабат билан давлат раҳбари амалдаги транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини, шу жумладан Каспий денгизи портлари, йирик трансчегаравий логистика марказларини имкон қадар тўлиқ қувват билан ишлашини таъминлашга чақирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон келажакда Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор трансафғон йўлаги, Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон автомобиль ва темир йўллари имкониятларидан фойдаланиш ниятида.
Шунингдек, санитария талабларига риоя қилган ҳолда транспорт қатновларини тўлиқ тиклаш муҳим экани қайд этилди.
Ўзбекистон президенти Марказий Осиё мамлакатларининг электр энергетикаси мувофиқлаштирувчи кенгашини фаоллаштириш, унинг мандати ва ваколатларини кенгайтириш ҳамда мамлакатларнинг кенгашдаги вакиллик даражасини оширишни таклиф қилди.
Пандемияга қарши курашишда яқиндан мувофиқлашув ва ўзаро ёрдам масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Шавкат Мирзиёев шу мақсадда тест натижалари ва эмлаш сертификатларини тан олиш бўйича ягона ахборот тизимини ишга тушириш, юқумли касалликларни профилактика, диагностика қилиш ва даволаш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш соҳасидаги тажриба алмашишни кенгайтириш, фармакология соҳасида илмий ҳамкорликни ҳамда ҳаётий муҳим дори воситаларини ишлаб чиқаришда кооперацияни йўлга қўйиш таклифларини илгари сурди.
Давлат раҳбари экологик муаммоларига тўхталиб, Орол денгизи ҳалокатининг оқибатларини юмшатиш бўйича барча чораларни кўриш зарурлигини айтди.
Шу маънода Мирзиёев иқлим ўзгаришларига мослашишига, ресурс тежовчи технологияларнинг яна кенг жорий этилишига хизмат қиладиган “Марказий Осиё учун яшил кун тартиби” минтақавий дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Шунингдек, давлат раҳбари туризм маҳсулотларининг бутун доирасини қамраб оладиган “Бир саёҳат – бутун минтақа” қўшма дастурини амалий рўёбга чиқаришга киришиш таклифини илгари сурди.
“Бу йиллар барчамиз учун мушкул давр бўлди. Асосий хулоса – биргаликда, жипс бўлиб, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, олдимизда турган муаммоларнинг ечимига эришамиз, минтақанинг барқарор тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини оширамиз. Бошқа муқобил йўл йўқ”– деди Шавкат Мирзиёев.