Тергов департаменти хабарига кўра, жорий йил май ойида Самарқанд вилоятида яшовчи 26 ёшли С. Феруз 28 ёшли таниши Х. Шерзоддан салқин ичимликлар савдоси билан шуғулланиш ва фойда кўришни таклиф қилиб, жами $16 мингни алдов йўли билан олади.
У ушбу пулларни “1хbet” букмекерлик сайтида мавжуд ўйинларга тикиб, ютқазиб қўяди ва Х. Шерзоднинг пулларини қайтармасдан, алдаб келади.
Бундан ташқари, С.Феруз май ойида таниши Т. Жамшидга тегишли Damas’ни бўлиб тўлаб бериш шарти билан $9 мингга харид қилиб, автомашинани бироз муддат бошқариб, июль ойида бошқа шахсга Damas ўзига тегишли эканлигига ишонтириб, $6200 га сотиб, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Ушбу ҳолатлар бўйича С. Ферузга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов давом этмоқда.
Аввалроқ, Самарқандда аёл эрининг 400 млн сўмдан ортиқ пулини тотализаторда ютқизиб қўйганди.