2021 йил якунларига кўра, Республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz вебсайтида 298,8 млрд сўмлик 139,4 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилди.
Маълумотга кўра, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича 21 фоизга ўсди.
Битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 миллион сўмни ташкил этди. Шу билан бирга, сотилган авторақамларининг 91 фоизи жисмоний шахслар томонидан, 9 фоизи юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамнинг минимал қиймати 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақами эса 441,5 миллион сўмни ташкил этди.
Танлов савдолари натижасида, якунланган битимларнинг 37 фоизи юқори даражадаги авторақамлар, 22 фоизи 2-тоифа, 13 фоизи 3-тоифа, 9 фоизи 4-тоифа, 9 фоизи 5-тоифа ва 10 фоизи 6-тоифали лицензиялар учун тузилган.
Ҳудудлар бўйича энг кўп авторақамлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (48 фоиз), Самарқанд ва Фарғона (ҳар бири 8 фоиз), Наманган ва Aндижон (6 фоиз), шунингдек, Бухорода (5 фоиз) харид қилинган.