Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга берган интервьюсида ташрифидаги кўзбўямачиликлар ҳақида гапирди.
“Мен президент сифатида иш бошлаган биринчи кунларданоқ ўз командамни ҳақиқий ҳолатга мутлақо алоқаси бўлмаган баландпарвоз гаплар ва “чиройли” рақамларни ёқтирмаслигимни айтиб, қаттиқ огоҳлантирганман”, - дейди президент.
Давлат раҳбари шунга қарамай ташрифи олдидан бўладиган кўзбўямачиликлар бўлаётганини эътироф этди.
“Афсуски, неча бор айтишим, огоҳлантиришимга қарамасдан, жойларда фақат менинг ташрифим олдидан кўча ва майдонларни тозалаш, бир кечада бинолар олдида “майсазор” ва “гулзор”лар пайдо қилиш, умуман, ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишдек хўжакўрсин ишлар давом этмоқда. Кўзбўямачилик, одамларни қийнаш, сохта ва баландпарвоз гапларга ўчлик йиллар давомида баъзи раҳбарларнинг қон-қонига шу қадар сингиб кетган эканки, улардан қутулиш қийин бўляпти. Лекин қандай бўлмасин, бу каби иллатларга бутунлай чек қўйишимиз керак. Чунки бундай ҳолатлар ростгўй, сохта гап ва ишни умуман қабул қилмайдиган халқимизнинг асл табиатига мутлақо ётдир”, - таъкидлаган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ҳокимларнинг иши президент келиб кетиши билан тугамасдан, аксинча, ташрифдан кейин янгитдан бошланиши, ҳатто олдингидан ҳам кўпайиши лозимлигини қўшимча қилган.
“Илгари ҳокимлар ташрифдан ташрифгача бўлган вақт оралиғида бамайлихотир, таъбир жоиз бўлса, ялло қилиб юрарди, энди эса улар ўз олдига аниқ мақсад ва вазифа қўйиб, халқ билан маслаҳат асосида астойдил ишламоқда. Чунки улар билади: президент келгуси сафар албатта ҳар бир масала бўйича аниқ натижани сўрайди”, - фикрини тушунтирган президент.