Кеча, 17 август куни Тошкентда математика (IMO), физика (IphO), кимё (IChO), биология (IBO), информатика (IOI) бўйича халқаро олимпиадаларнинг ғолиблари ҳамда уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ХТВ Матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра,
1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига БҲМнинг 500 баравари (122,5 млн сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (110,25 млн сўм);
2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига БҲМнинг 300 баравари (73,5 млн сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (61,25 млн сўм);
3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига БҲМнинг 200 баравари (49 млн сўм), ўқитувчисига –150 баравари (36,75 млн сўм) бўлган ваучерлар билан тақдирланди.
Жорий йилнинг июль-август ойларида ўтказилган ушбу халқаро олимпиадаларда ўзбекистонлик ўқувчилар томонидан жами 10 та медаль, жумладан 3 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медаллари қўлга киритилди.
![](https://api.uznews.uz/upload/uploads/2021/08/18/1.jpg)
Қайд этилишича, ушбу нуфузли халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.
Шунингдек, минтақавий халқаро олимпиадалар — 55-Халқаро Менделеев кимё олимпиадаси, 17 – Халқаро Жаутиков олимпиадаси, 6 – Халқаро Кавказ математика олимпиадаси, 27 – Халқаро математикада ҳам ўзбекистонлик ўқувчилар муносиб иштирок этиб, 31 та медални (2 та олтин, 14 та кумуш, 15 та бронза) қўлга киритди.
![](https://api.uznews.uz/upload/uploads/2021/08/18/2.jpg)
Тадбирда ушбу олимпиадаларда ҳам совриндор бўлган ўқувчиларга пул мукофотлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Эслатиб ўтамиз, фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларни рағбатлантиришнинг янги тизими президентнинг 2019 йил 3 майдаги тегишли қарорига мувофиқ жорий этилган.
![](https://api.uznews.uz/upload/uploads/2021/08/18/4.jpg)