Бугун, 18 август куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида 2021 йилнинг 1-ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, кўрилган чоралар ҳамда ушбу йўналишларда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, айрим маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, вазирлик ва идораларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ҳали ҳамон кузатилаётгани танқид қилинди.
Ўтган давр мобайнида Меҳнат инспекцияси томонидан жойларда ходимларни ўз функционал вазифасига кирмайдиган ишларга жалб этиш бўйича 41 та ҳолат аниқланган. Соҳалар кесимида энг кўп мажбурий меҳнат ҳолатлари халқ таълими, банк-молия, тиббиёт, транспорт ва ободонлаштириш тармоқларида учрамоқда.
Шунингдек, йиғилишда жорий йилги пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, меҳнат муносабатларини тўғри расмийлаштириш, теримчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама қилинди.