Тошкентда “Хавфсиз пойтахт” концепцияси бўйича ўтказилган профилактик тадбирларда Суриядаги халқаро террорчи ташкилотларининг қидирувда бўлган бир гуруҳ аъзолари ушланди.
Олмазор туманида яшовчи 43 ёшли Феруза Мусажонова, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 40 ёшли Сарвар Қосимов, Учтепа туманида яшовчи 20 ёшли Aбдураҳим Aбдуқаҳҳоров, Яшнобод туманида яшовчи 28 ёшли Дилшод Жумабаев, Мирзо Улуғбек туманида яшовчи 22 ёшли Aбдулаҳад Муҳаммадбакиев, Юнусобод туманида яшовчи 31 ёшли Миролим Ўлмасов, Сергели туманида яшовчи 20 ёшли Нодир Собиржоновлар интернет тармоғи орқали алоқада бўлиб келганликда гумонланмоқда.
Жиноят иши доирасида Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Яшнабод, Мирзо Улуғбек, Юнусобод ва Сергели туманлари ҳудудидаги 108 та манзилларда прокурор санкцияси асосида тинтув тергов ҳаракати ўтказилиб, 94 нафар шахслар ИИБга олиб келинган.
Тадбирда ушланган шахсларнинг уйларида ўтказилган тергов-тезкор ҳаракатлар натижасида, экстремистик оқим ва халқаро террорчи ташкилотлар тарғиботчиларининг ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ва тақиқланган материаллар топилиб, қонуний тартибда расмийлаштирилиб олинди.
Ўтказилган тадбирлар натижасида 1 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилди ҳамда 10 нафар шахсларга нисбатан МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жазо чоралари тайинланди. Ҳозирда тергов-тезкор тадбирлари давом эттирилмоқда.
Аввалроқ, 16 август куни Чиноз туманида 10 нафар “жиҳодчи” ушланганди.