7 сентябрь куни соат тахминан 17:10 да Пахтакор тумани Боғишамол қишлоғида 6 ёшли Т.Ш. велосипеди билан маҳалла ҳудудида ишлаётган асфальт ётқизиш машинасининг орқа томонига яқинлашиб келганида ҳайдовчи транспортда орқага қараб ҳаракатланган пайтида болакай йиқилиб, техника остида қолиб, вафот этган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ЙҲХБ Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат содир бўлган вақтда ҳайдовчининг олдида уни огоҳлантириб туриши керак бўлган ёрдамчи ишчилар йўқ бўлган.
Таъкидланишича, ҳолат юзасидан оғир техника воситаси тегишли бўлган фирма раҳбарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 147-моддаси (Йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома тузилган.
Бош прокуратура хабарига кўра, ҳолат бўйича 7 сентябрь куни Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов олиб борилмоқда.