Кеча, 21 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев видеомурожаат билан сўзга чиқди.
76-сессиянинг раиси Абдулла Шаҳид раиси бошчилигида ўтказилаётган мунозараларнинг биринчи кунида БМТга аъзо давлатлар делегациялари глобал ва минтақавий хавфсизлик, COVID-19 пандемияси шароитида барқарор тараққиёт ва унинг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини енгиб ўтиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида янги шароитларда БМТ ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бораётганини қайд этди.
Президент БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Иштирокчиларнинг эътибори бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборат Янги Ўзбекистон стратегияси ишлаб чиқилганига қаратилди.
Шу маънода пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга татбиқ этишга бағишланган халқаро конференцияни Тошкентда ўтказиш таклиф этилди.
Президент Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.
Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурган ҳақида маълум қилинди. Шу муносабат билан Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми экани яна бир бор таъкидланди.
- Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим, - деб таъкидлади президент.
Давлат раҳбари Ўзбекистон томонидан иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, тикланадиган энергия манбаларига ўтиш масалаларида кўрилаётган чора-тадбирларга алоҳида тўхталди.
Шу билан бир қаторда БМТ шафелигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида 2023 йилда Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг юқори даражадаги Олтинчи Ассамблеясини ўтказиш таклиф этилди.