Аввалроқ, Жаҳон банкининг 2018 ва 2020 йилги Doing Business ҳисоботида муаллифлар давлатларнинг кўрсаткичларини сунъий ўзгартиришда айблангани, қўлланилган методологиядан бири “Ўзбекистон протоколи” деб аталиши ҳақида хабар бергандик.
Унда Doing Business муаллифлари ўз хоҳишларига кўра, алоҳида давлатлардаги ислоҳотларни инобатга олишмаган. Илк бор бундай баҳолаш Ўзбекистоннинг кўрсаткичларини баҳолашда қўлланилган.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Матбуот хизмати “Ўзбекистон протоколи” деб ном олган амалиёт бўйича баёнот берди.
“Жаҳон банки сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг очиқ бозор иқтисодиёти йўлидаги кенг ва улкан мақсадли иқтисодий трансформацияси доирасида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун амалга оширилаётган ислоҳотларини қўллаб–қувватлайди. Бу ислоҳотлар ички ва ташқи савдони эркинлаштиришни, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш ва лицензиялаш тартибини соддалаштиришни, шунингдек, солиқ тизимини ривожлантиришни ўз ичига олади. Ушбу ислоҳотлар натижасида ишбилармонлик муҳити ва давлат молиявий бошқарувида ўзгаришлар амалга ошди.
Хусусан, 2018-2019 йилларда хорижий капитал иштирокидаги янги рўйхатдан ўтган тадбиркорлик субъектлари ва корхоналар сонининг сезиларли ўсиши кузатилди. Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми ошди, янги корхоналар ва даромад солиғини тўлайдиган шахсларни рўйхатга олиш эса янги рекорд кўрсаткичларни қайд этди.
WilmerHale ҳисоботида қайд этилганидек, “Бизнес юритиш” ҳисоботларининг чиқишига масъул бўлган жамоа аъзолари ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги фаолиятини бошқарадиган шахслар “Ўзбекистон протоколи” деб ном олган амалиёт ишлатилганидан бехабар. Шунингдек, WilmerHale ҳисоботида бундай “протокол” мавжуд бўлганлиги ва у Жаҳон банкининг операцион фаолиятига қандайдир таъсир кўрсатганлигини тасдиқловчи фактлар келтирилмаган”, - дейилади баёнотда.