Ижтимоий тармоқларда “Навоий халқаро аэропорти” МЧЖнинг 300 нафарга яқин ходими имзолаган Ўзбекистон президентига илтимоснома акс этган сурат тарқалмоқда.
Илтимосномада 2019 йилнинг 11 декабрида жамиятга Кличев Алишер Нематуллоевич директор этиб тайинлангани, бугунга қадар унинг раҳбарлигида «Навоий халқаро аэропорти» МЧЖда қатор ютуқлар қўлга киритилгани, жумладан, пандемия шароитида ҳам ходимларини ишдан бўшатмасдан, аксинча аэропорт орқали авиақатновларни кўпайтиргани ҳақида гап боради.
«Бу ютуқлар «Uzbekistan Airports» МЧЖнинг ёрдамисиз, «Навоий халқаро аэропорти» ишчи ходимларининг ёқадан бош чиқариб ишни олиб бориши натижаси ҳисобланади», дейилади илтимосномада.
Шунингдек, айни вақтда «Навоий халқаро аэропорти»нинг авиақатновларни кўпайтириш учун бир қатор таклифлари мавжудлиги, аммо «Uzbekistan Airports» бу учун амалий ёрдамга номаълум сабабларга кўра шошилмаётгани айтилади.
«Масалан бир неча йиллардан бери аэропортимиз юк терминалининг устидан қор ёмғир сувлари мунтазам ўтади ва таъмирталаб бўлиб қолган. Таъмирлаш ишларига 32 миллиард сўм талаб талаб қилинмоқда. Бу ҳолатдан мутасадди ташкилот хабардор, лекин бу борада ҳеч қандай ҳаракат олиб борилмаяпти», дейилади илтимосномада.
«Навоий халқаро аэропорти» ишчи ходимлари илтимосномасининг асосий мазмуни жорий йил 22 октябрь куни ташкилот директори Кличев Алишернинг «ҳеч бир сабабсиз» ишдан бўшатилиши билан боғлиқ.
«Ўзбекистон Республикаси бугунги пандемия ҳолатида ишчи ходимлар билан елкама-елка ишлаб келган, одамларни келажакка умид уйғотган Кличев Алишер Нематуллоевични «Навоий халқаро аэропорти» МЧЖ директорлигига қайтаришингизни сўраймиз», дейилади ташкилот ишчилари илтимосномасида.
Маълумот учун, ушбу илтимоснома нусхалари Транспорт вазирлигига, Навоий вилояти ҳокимлигига, «Uzbekistan airports» АЖ раҳбариятига ҳамда ОАВ таҳририятларига жўнатилган.