Кеча Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимовнинг интервьюсида Ўзбекистонда бир кунда 5600 сўмдан кўп пул топадиган оила камбағал эмаслигини айтгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Обид Ҳакимов бугун АОКА мажлислар залида интервьюсида нимани назарда тутганини тушунтириш бўйича матбуот анжумани ўтказди.
“Мен 5600 деганим бу глобал камбағаллик кўрсаткичи. Буни Ўзбекистонда амал қилади, деб ҳеч ким айтгани йўқ, айтмайдиям. Шунинг учун, бизнинг асосий мақсадимиз Ўзбекистондаги миллий камбағаллик чегарасини ишлаб чиқиш. Буни ишлаб чиқиш учун ҳозирда тадқиқотлар олиб борилмоқда. Кеча айтган гапларим Ўзбекистонда мана шунақа, дегани эмас. Бу камбағалликни ўлчаш сифатида бир ўлчов сифатида айтилди. Бу ўрта ва паст даромадли мамлакатларнинг ҳолатидан келиб чиққан кўрсаткич эди” дейди у.
Маълум қилинишича, камбағалликнинг юқори даражаси Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Aндижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.