Бугун, 24 ноябрь куни АОКАда ўтган брифингда Халқ таълим вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова мактаб ўқувчиларининг бошқа ишлар билан банд бўлаётган ҳолатлари кузатилаётгани боис Халқ таълими вазирлиги жиддий сабаб бўлмаса уларни мактабга чиқишларини сўраётганини маълум қилди.
— Бугунги кунда онлайн мактаб баҳонасида айрим ота-оналар томонидан фарзандини мактабга юбормаслик, фарзандини масофадан дарс қилишини таъминлаш ўрнига, кўчада юришига ёки бошқа ишлар билан банд қилиш ҳолатлари учраётганининг гувоҳи бўляпмиз.
Ушбу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Халқ таълими вазирлиги ота-оналардан, уйда боланинг мактабга боришига тўсқинлик қилувчи жиддий сабаб, яъни касаллик ҳолати мавжуд бўлмаса, мактабга юборишларини сўраб қолади.
Зеро, боланинг зое ўтаётган ҳар бир куни унинг келажагига салбий таъсир кўрсатмай қолмайди, боланинг мактабда таълим олиш жараёнини ҳеч қандай энг ривожланган замонавий технология ҳам ўрнини босолмайди.
“Онлайн мактаб” лойиҳаси анъанавий таълим тўлиқ тикланган ҳолатда ҳам, доимий равишда ўз фаолиятини давом эттиради, ушбу лойиҳа боланинг дарсдан ташқари қўшимча сифатли таълим олиши учун имконият яратади, - деди вазирлик вакили.