Ўзбекистон The Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 63 балл тўплаган. Бу билан Ўзбекистон Очиқ маълумотлар рейтингида биратўла 125 позицияга юқорилаб, Украина билан биргаликда 44-ўринни эгаллади.
Қайд этилишича, The Open Data Inventory (ODIN) - расмий статистика камчиликларини аниқлаш, очиқ маълумотлар сиёсатини илгари суриш, миллий статистика органлари (МСО) билан маълумотлардан фойдаланувчилар ўртасида мулоқотни яхшилаш ва рағбатлантиришга қаратилган қамров ва очиқликни баҳолайди.
Шунингдек, ODIN мамлакатнинг статистик таклифлари қанчалик тўлиқлигини ва улардаги маълумотлар халқаро очиқлик стандартига мос келишини баҳолайди. ODINда баҳоланадиган маълумотлар миллий статистика органлари (МСО) расмий веб-сайтида эълон қилинган ёки МСО веб-сайтидан ҳавола мавжуд бўлган мамлакатнинг бошқа расмий сайтларида эълон қилинган мамлакатнинг расмий маълумотлари бўлиши керак. Қамров баллари асосий кўрсаткичларнинг мавжудлигига, вақт бўйича ва географик бўлинмалар учун тегишли кесимларда бўлишига боғлиқ.
Бундан ташқари, Ўзбекистон мазкур рейтингда энг юқори ўсишни кўрсатган 2 мамлакатдан бирига айланди. Кариб оролларидаги давлатлардан бири – Сент-Люсия ҳам ушбу рейтингда юқори кўрсаткичларни қўлга киритган.
Маълумот учун, 2018 йилда The Open Data Inventory рейтингида Ўзбекистон жаҳонда 169-ўринни эгаллаган эди.