Марказий банк асосий хатарлар озиқ-овқатлар бозоридаги қисқа муддатли тенденциялар билан боғлиқлигини маълум қилди.
Хусусан, мавсумий омиллар, рақобат шароитлари, шунингдек, жаҳон озиқ-овқат бозорлари конъюнктураси таъсирида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларнинг қимматлашиши яқин келажакда инфляцияни оширувчи хатар сифатида қаралиши мумкин.
Шу боис, ички бозорда товарлар таклифининг зарур ҳажмини барқарор даражада таъминлаш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланган. Бунда ушбу товарлар гуруҳи учун тариф ва нотариф чекловларни юмшатиш орқали муҳим истеъмол товарлари нархларининг янада пасайишига эришиш имконияти мавжуд.
Айрим тармоқларда нархларнинг кўтарилишига ишлаб чиқарувчиларни энергия ресурслари билан таъминлашдаги узилишлар сабабли харажатларнинг кўпайиши ва ишлаб чиқаришнинг вақтинча тўхташи сабаб бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, иқтисодиётда кредит юки (иқтисодиётдаги кредит қўйилмаларининг ЯИМга нисбати) ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилмоқда. Йил якуни бўйича ушбу кўрсаткичнинг ЯИМга нисбатан 48-50 фоизгача етиши кутилмоқда, 2017 йил охирида ЯИМга нисбатан 35-37 фоиз атрофида шаклланган.
Аввалроқ, Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирганди.