Зангиота туманида оқиб ўтувчи Бўзсув каналида жойлашган ГЭС-14’нинг модернизация қилинди ва янги қувватларда ишга туширилди. Бу ҳақда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, олиб борилган модернизация ишлари натижасида ГЭС-14 қуввати 2 марта оширилиб, ҳар бирининг қуввати 7,5 МВт бўлган иккита гидроагрегат ўрнатилди ҳамда ГЭСнинг умумий қуввати 15 МВтга етказилди. Гидроагрегатлар комплекси тўлиқ синовлардан ўтказилиб, ишга туширилди.
“Янги қувватларда фаолият юритишни бошлаган ГЭС-14 Тошкент вилоятининг 50-60 мингга яқин аҳоли хонадонларини электр энергиясига бўлган талабини самарали қондиришга хизмат қилади”, дейилади компания хабарида.