Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Оҳангарондаги 48-сон манзил-колонияда маҳкум Файзулло Маюнусовнинг майор ва оперлар томонидан аёвсиз калтаклангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Омбудсманнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича сектор ходимлари Тошкент вилоятидаги мазкур манзил-колонияга бориб, маҳкум Файзулло Маюнусов билан якка тартибда суҳбат олиб борган.
“Суҳбат якунлари бўйича маълумотнома тайёрланиб, тўпланган ҳужжатлар прокуратура органларига тақдим этилди ва улар томонидан экспертларни жалб этган ҳолда суд-тиббий экспертизаси ўтказилиши белгиланди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мазкур ҳолат Омбудсман назоратига олинган ҳамда келгусида бу борада батафсил маълумот тақдим этилади.