• 12 706 сум
    59.23
  • 14 704 сум
    243.07
  • 159 сум
    -1.68
  • МРОТ
    1 155 000 сум
  • БРВ
    375 000 сум
Ру
  • 12 706 сум
    59.23
  • 14 704 сум
    243.07
  • 159 сум
    -1.68
  • МРОТ
    1 155 000 сум
  • БРВ
    375 000 сум
Общество 8 июня 2017

Хусусий шифохоналар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул хизмат кўрсатишади

Янги қарор аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий (стоматология ва косметологиядан ташқари) хизмат кўрсатишни ўз ичига олади.

2567
0
medion.uz

Ўзбекистон Республикаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатиш ҳақидаги лойиҳа чоп этилди, деб хабар қилмоқда Norma.uz.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги “Солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишнинг тартиби тўғрисида”ги лойиҳани чоп этишди.

Хусусий шифохоналарда бепул тиббий хизматдан (стоматология ва косметологиядан ташқари) қуйидаги тоифага кирувчи шахслар фойдаланиши мумкин:

1. Болаликдан ногиронлар;

2. Чин етимлар;

3. I ва II гуруҳ ногиронлари;

4. 1941 -1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек уларга тенглаштирилган шахслар;

5. Ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар;

6. 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари;

7. Чернобиль АЭСи фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлар;

8. Байналмилалчи жангчилар;

9. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларга мансуб шахслар.

Хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан имтиёзли тоифадаги шахсларга солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида бўшайдиган маблағлар ҳисобидан бепул тиббий хизматлар кўрсатиш мажбурий хисобланади. Фуқаро хусусий тиббиёт ташкилотларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишлари учун мурожаат қилган вақтида фуқарода шахсини ҳамда имтиёзли тоифага мансублигини тасдиқловчи хужжат бўлиши лозим.

Бепул кўрсатиладиган тиббий хизматларнинг турлари ва хажми лицензияда кўрсатилган ихтисосликлар доирасида ташхис қўйиш ва даволаш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан мустақил равишда белгиланади. Бепул тиббий хизматлар кўрсатиш учун йўналтириладиган маблағларнинг миқдори бундан аввалги йил якунлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этилиши натижасида ҳақиқатда бўшаган жами маблағларнинг 25%дан кам бўлмаган қисмини ташкил этиши лозим. Имтиёзли тоифадаги шахсларга кўрсатиладиган бепул тиббий хизматларнинг йиллик миқдори ва унга сарфланадиган маблағлар умумий ҳажми - мазкур хусусий тиббиёт ташкилотида тиббий хизматларга белгиланган ўртача нархлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан имтиёзли тоифадаги шахслар қаторига кирувчи беморларга кўрсатилган бепул тиббий хизматлар тўғрисидаги маълумотлар ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Саломатлик ва тиббий статистика институтига тақдим этиладиган ҳисоботлар таркибида ҳам алохида ҳисобот тури сифатида кўрсатиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистоннинг барча хусусий шифохоналари барча турдаги солиқ тўловларидан 2022 йилга қадар озод этилган.

Ушбу лойиҳа давлат тилида ишлаб чиқилган бўлиб, ўзгартирилиши, қўшимчалар қилиниши ёки рад қилиниши мумкин.

2567
0