Эслатиб ўтаман, бугун, 7 апрель куни Қирғизистон Республикаси Чегара хизмати Жалолобод вилояти Мамай Аксий тумани ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган маҳаллий аҳоли вакили 1984 йилда туғилган Ф.Мга ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ўққа тутилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Афсуски бу хабарлар тўлиқ ўзини оқлагани йўқ.
“UzNews.uz” нинг Ҳукуматдаги ишончли манбаси хабарига кўра, қирғизистонлик фуқаро Ф.М Ўзбекистон Республикаси чегарасини ноқонуний тарзда, тахминан 400-500 метр кесиб ўтгани айтилмоқда.
Номаълум сабабга кўра, давлат чегарасини бузиб ўтган фуқаро чегара қўриқчилари томонидан тўхтатиши кераклиги борасида огоҳлантирилган, лекин у бунга амал қилмасдан ҳаракатини давом эттирган.
Шунингдек, номаълум шахснинг қочишга ҳаракат қилганида чегарачилар ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узишгани ҳам таъкидланмоқда.
Шундан сўнг, ўзларининг муқаддас бурчларини бажараётган Ўзбекистон Республикаси Чегара қўшинлари ҳарбийлари қоидага мувофиқ унга қарата ўқ узишга мажбур бўлишган. У Қирғизистон чегара ҳудудига қайтиб ўтган ва ўзини кутиб турган шерикларининг автомашинасига чиқиб олган.
Тахминларга кўра, чегарани ноқонуний кесиб ўтган қирғизистонлик фуқаро шерикларининг автомашинасида шифохонагача етиб бормасдан вафот этган.