Давлат раҳбари ўқитувчиларга фидокорона меҳнатлари ва болаларга ҳудди ўз фарзандларидек ғамҳўрликлари учун миннатдорчилик билдирди.
"Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлаймиз", - деб қайд этди Президент.
Шавкат Мирзиёев таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга ҳам тўхталиб ўтди.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор бўлган 74 та фармони, қарор ва фармойиши қабул қилинди", - дея таъкидлади давлат раҳбари.
Кейин эса Президент ёшларнинг таълим ва тарбиясига тўхталди.
"Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлаш учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёрмиз", - деди Президент.
Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларига тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилади.