Эслатиб ўтамиз, бугун интернет нашрларида автомототранспорт воситалари учун амалдаги давлат рақам белгилари алмаштирилиши тўғрисида турли маълумотлар тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги қарорига асосан ҳозирги кунда амалда бўлган автомототранспорт воситалари учун миллий давлат рақами белгиларининг халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқлигини таъкидлаш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 18 апрель куни тасдиқланган ПҚ-3673-сонли «Инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ва идоравий ахборот тизимлари жадал интеграциялашувининг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан транспорт воситаларига тегишли қоғоз ҳужжатларни, ушбу ҳужжатлардаги барча маълумотларни транспорт воситалари эгаларининг ID-карталарига киритган ҳолда бекор қилиш, амалдаги давлат рақам белгиларини халқаро намунадаги давлат рақам белгиларига алмаштиришни кўзда тутувчи, транспорт воситаларини ҳисобга олиш тизимини яратиш бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг таклифи маъқулланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида фақатгина транспорт воситаларини ҳисобга олишнинг замонавий тизимини яратиш ҳақида сўз юритилмоқда», дейилган Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бошқармасининг «Kun.uz»га йўллаган расмий жавобида.