Давлатимиз раҳбари ушбу учрашувдан мамнунлигини билдириб, Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиётидаги вазиятнинг яхшиланишида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Жамғарма мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватламоқда. Жорий йил май ойида Ўзбекистон делегацияси Халқаро валюта жамғармасида валюта сиёсатини ислоҳ қилиш бўйича учрашув ўтказди. Июль ва сентябрь ойларида Жамғарма экспертлари Ўзбекистонга ташриф буюриб, вазирлик ва идораларда иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикр алмашди.
Кристин Лагард Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаёт барқарорлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор эканини таъкидлади.
Фармойиш берувчи директор, шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси техник кўмаклашиш ва иқтисодий сиёсат масалалари бўйича тавсиялар бериш орқали Ўзбекистон молия тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.