Ҳақиқатан ҳам, шу кунларда ушбу мавзу кун тартибига чиқди, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто, айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими?
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон қори Ишматбеков Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилишида иштирок этиб, ушбу йиғилиш кун тартибида айнан сунъий уруғлантириш ва ҳомилага тааллуқли масалалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари мазкур мавзу доирасидаги барча жиҳатларни ўрганиб чиққандан кейин “Сунъий уруғлантириш ҳақида”ги фатвони эълон қилди.
Ҳозирги кунда амалиётда қўлланилаётган қуйидаги бешта усулнинг шаръан ҳаром эканлигига бир овоздан иттифоқ қилганлар:
Эркакдан олинган уруғ билан бегона аёлнинг тухумҳужайраси ички тарзда уруғлантирилиб, пайдо бўлган эмбрион бошқа хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотинидан олинган тухумҳужайра ички тарзда уруғлантирилиб, сўнг пайдо бўлган эмбрион бегона аёлнинг бачадонига жойлаштирилади.
Эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси ташқи тарзда уруғлантирилади, сўнгра ихтиёрий равишда фарзандни туғиб беришга рози бўлган бегона аёл бачадонига жойлаштирилади.
Эркакдан олинган уруғ билан унинг хотини бўлмаган аёлдан олинган тухумҳужайра орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион эркакнинг ўз хотини бачадонига жойлаштирилади.
Эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси орасида ташқи уруғлантириш амалга оширилади, сўнг эмбрион (эрнинг) бошқа хотини бачадонига жойлаштирилади.
Ислом уламолари шариатда талаб этилган барча эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда қуйидаги икки услубни зарурат ҳолатида энг охирги чора сифатида қўллашликни жоиз деганлар:
Шаръий эр-хотиннинг уруғ ва тухумҳужайраси олиниб, ташқи уруғлантириш усулида уруғлантирилади, сўнгра пайдо бўлган эмбрионни яна шу хотиннинг бачадонига жойлаштирилади.
Эрнинг уруғи олиниб хотиннинг (бачадон) бўйинчасидаги керакли ўринга ички уруғлантириш усули билан жойлаштирилади.