Бугун, 16 ноябрь куни АОКАда Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Фаррух Карабаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда маълум қилинишича, бензин нархларига таъсир қилувчи омиллар ўрганилди, кўрсатмалар берилди, чоралар кўриляпти. Бу бўйича идоралараро ишчи гуруҳ ишлаяпти.
Қайд этилишича, 10-15 кунда бензин нархи ўзгариши кутилмоқда.
“Қаерда бозор механизмлари асосида табиий ўсишга эришилган бўлса, биз унга таъсир кўрсата олмаймиз. Лекин сунъий равишда юзага келтирилган, келишиб қилинган, манипуляция ҳаракатларига таъсир кўрсатиш мумкин. Бензин нархи ошишида ҳам манипуляция ҳолатлари, арзон нархдаги бензинни сунъий равишда аннуляция қилиш аломатлари аниқланди.
Бензин нархини барқарорлаштириш, тушириш бўйича ҳаракатлар давом этяпти, бу вақт талаб қиладиган масала. Лекин яқин кунларда нархларда ўзгариш бўлади”, - дейди Карабаев.
Айни пайтда бозорни тўйинтириш, арзон нархлар асосида кичик харидорларга имконият бериш масаласига эътибор қаратиляпти.