The Guardian нашрининг ўтказилган тадқиқотга таяниб ёзишича, тадқиқот натижалари Лондонда бўлиб ўтган Европа инсон репродукцияси ва эмбриологияси жамиятининг (ESHRE) йиллик анжуманида тақдим этилди. Унга кўра, 1972–2019 йиллар оралиғида эркакларда умумий тестостерон даражаси ўртача 54 фоизга пасайган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу ҳар йили ўртача 1 фоиздан ортиқ камайиш кузатилганини англатади.
Тадқиқот Исроил, АҚШ, Бразилия, Финляндия ва Данияда ўтказилган олтита узоқ муддатли кузатув натижаларини бирлаштирган. Унда жами 118,5 мингдан ортиқ эркакнинг тиббий маълумотлари таҳлил қилинган. Олимлар ҳар бир тадқиқотда тестостерон даражаси пасайганини аниқлаган, умумий таҳлил эса ушбу тенденция 2000 йилдан кейин янада тезлашганини кўрсатган.
Мутахассислар фикрича, семизлик ва қандли диабетнинг кенгайиши тестостерон пасайишининг асосий омилларидан бири бўлиши мумкин. Ортиқча вазн организмда тестостероннинг эстрогенга айланишини кучайтиради, бу эса гормон даражасининг тушишига олиб келади.
Шу билан бирга, олимлар эндокрин тизимига таъсир қилувчи кимёвий моддалар, ҳаво ифлосланиши, маиший буюмлар таркибидаги зарарли бирикмалар ҳамда глобал иқлим ўзгариши каби экологик омиллар ҳам бу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Бироқ бу борада ҳали қўшимча илмий тадқиқотлар талаб этилади.
Исроилдаги Иврит университети профессори Ҳагай Левиннинг таъкидлашича, эркаклар репродуктив саломатлиги умумий соғлиқнинг муҳим кўрсаткичларидан бири ҳисобланади ва ушбу соҳадаги салбий ўзгаришлар жиддий хавотир уйғотади.
Тестостерон сперма ишлаб чиқариш, жинсий майл, мушак массаси, суяк мустаҳкамлиги, кайфият, энергия даражаси ва моддалар алмашинувини бошқаришда муҳим ўрин тутади. Шу сабабли унинг пасайиши нафақат фарзанд кўриш қобилиятига, балки умумий соғлиқ ҳолатига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Шу билан бирга, олимлар тестостерон препаратларини мустақил равишда қабул қилишдан огоҳлантирмоқда. Улар бундай воситалар айрим ҳолларда организмнинг табиий сперма ишлаб чиқариш жараёнини сусайтириши мумкинлигини қайд этиб, ҳар қандай гормонал даволаш фақат шифокор назорати остида амалга оширилиши лозимлигини таъкидлаган.
Комментарии