Afghanistan International нашри берган маълумотга кўра, Толибон раҳбари Ҳибатуллоҳ Охундзода ҳаракат аъзолари ва давлат идоралари ходимларига смартфонлардан фойдаланишни тақиқловчи янги оғзаки фармойиш берган.
Ҳужжатда мазкур талабни бузганлар қоидабузар деб баҳоланиши ва ҳарбий суд томонидан жавобгарликка тортилиши мумкинлиги қайд этилган.
Фармойиш Толибон Адлия вазирлиги томонидан мамлакатнинг саккизта ҳудудида фаолият юритувчи ҳарбий судлар раҳбарларига юборилган. Шунингдек, полиция қўмондонлари ва разведка хизматлари раҳбарлари ҳам бу ҳақда хабардор қилинган.
Ҳужжатга кўра, ҳарбий суд масъуллари тақиқнинг тўлиқ ижросини таъминлаши ва бу борада Толибон раҳбариятига ҳисобот бериши лозим. Назорат остидаги шахсларнинг исми, лавозими, иш жойи, мобил оператори ва телефон рақами киритилган махсус рўйхат ҳам тузилган.
Маълум қилинишича, бу смартфонларга оид биринчи чеклов эмас. 2025 йилда ҳам Ҳибатуллоҳ Охундзода Толибон аъзоларини смартфонлардан камроқ фойдаланишга чақирган эди. Бир неча кун аввал эса таълим муассасалари ва мадрасаларга смартфон олиб кириш тақиқланган.
Бундан ташқари, Толибоннинг олий таълим вазири смартфонларни «мусулмонларнинг уч асосий душманидан бири» деб атаган ва ўтган йил университетлар ҳудудида ҳамда иш вақтида улардан фойдаланишни тақиқлаган эди. Фақат университет ректорлари ва таълим муассасалари раҳбарларига истисно қилинган.
Комментарии