Тошкент шаҳрида Бўзсув канали соҳилида мавжуд табиий муҳитни сақлаб қолиш тамойили асосида йирик экологик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди.
Пойтахт ҳокимлиги маълум қилишича, ҳудуддаги дарахт ва буталар сақлаб қолинади, қўшимча кўчатлар экилади, ёввойи табиат ҳамда табиий рельефга зарар етказилмайди. Лойиҳа доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари, болалар майдончалари, спорт ҳудудлари, дам олиш масканлари ва жамоат жойлари ташкил этилади.
Шунингдек, бешта маҳаллани ўзаро боғлайдиган ҳимоя тўсиқлари, ёритиш тизимлари ва пиёдалар кўприги қурилади. Балиқ овлаш учун махсус жойлар ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, сув спортини ривожлантириш мақсадида байдарка ва каноэ эшкак эшиш машғулотлари учун алоҳида ҳудудлар яратилади.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида ёввойи қушлар ва бошқа ҳайвонлар учун махсус экологик оролчалар ташкил этилиши кўзда тутилган. Ҳокимлик ва экология органлари томонидан дарахтларни кесишга йўл қўйилмаслиги ҳамда бу масала алоҳида назорат остида бўлиши таъкидланди.
Мутахассислар фикрича, мазкур экологик макон нафақат Учтепа тумани, балки бутун пойтахт аҳолиси учун табиий муҳитни асраш ва мазмунли дам олишни ташкил этиш бўйича намунавий ҳудудга айланиши кутилмоқда.
Комментарии