Президент ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни назарда тутувчи қарорни имзолади.
Унга кўра, 31 ёшга тўлмаган ёшларга Марказий банкнинг асосий ставкасига 4 фоиз пункт қўшилган ставкаларда 7 йилгача муддатга кредитлар ажратилади. Бунда асосий қарз бўйича 1 йилгача, фоиз тўловлари бўйича эса 3 ойгача имтиёзли давр белгиланади.
Хусусан, суғурта полиси ёки учинчи шахс кафиллиги асосида қуйидаги лойиҳалар учун имтиёзли микрокредитлар берилади:
хорижий тиллар, рақамли технологиялар ва замонавий касбларни ўрганиш харажатларини молиялаштириш учун — 20 млн сўмгача;
ижтимоий тармоқларда маркетинг, мобилография, фриланс, интернет-дўконлар ташкил этиш ҳамда ўзини ўзи банд қилишга қаратилган лойиҳалар учун — 50 млн сўмгача;
касаначилик, тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш, шунингдек янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш лойиҳалари учун — 50 млн сўмгача;
нонвойчилик, ширинликлар тайёрлаш ва сотиш лойиҳалари учун — 100 млн сўмгача.
Шунингдек, мол-мулк гарови асосида қуйидаги лойиҳалар учун 300 млн сўмгача кредитлар ажратилади:
скверлар, туристик ҳудудлар, гастрономик кўчалар ва бошқа жамоат жойларида кўчма ёки енгил конструкцияли савдо нуқталари ташкил этиш, улар учун жиҳозлар харид қилишга — 200 млн сўмгача;
автотранспорт воситалари орқали йўловчи ташиш ва юк етказиб бериш лойиҳалари учун — 300 млн сўмгача.
«Ёшлар учун иш ўринлари» лойиҳаси доирасида қуйидагиларга 7 йилгача муддатга, асосий қарз бўйича 2 йилгача имтиёзли давр билан кредитлар берилади:
ишсиз ёшлар учун камида икки иш ўрни яратган якка тартибдаги тадбиркорларга — 2 млрд сўмгача;
ҳар бир 1 млрд сўм маблағ ҳисобидан камида икки нафар ишсиз ёшни ишга қабул қилиш шарти билан юридик шахсларга — 10 млрд сўмгача;
1000 тадан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорларга франчайзинг тармоқларини кенгайтириш учун — 10 млрд сўмгача.
«Келажакка қадам» дастури доирасида олий таълим муассасалари битирувчилари ва 31 ёшга тўлмаган ёшларга бизнес ғояларини амалга ошириш учун Марказий банкнинг асосий ставкасига 1 фоиз пункт қўшилган йиллик ставкаларда қуйидаги кредитлар ажратилади:
ўзини ўзи банд қилган ва бизнесга биринчи қадам қўймоқчи бўлган талабалар ҳамда ёшларга гаровсиз, 18 ойгача муддатга, 6 ойлик имтиёзли давр билан — 20 млн сўмгача;
тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган ва мустақил бизнес бошлашни истаган талабалар ҳамда ёшларга 5 йилгача муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр билан — 300 млн сўмгача;
мустақил бизнес бошлаб, фаолиятини кенгайтиришни мақсад қилган ёш тадбиркорларга 7 йилгача муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр билан — 2 млрд сўмгача.
Талабалар ва ёшларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга эса 7 йилгача муддатга, 2 йилгача имтиёзли давр билан 10 млрд сўмгача кредитлар ажратилади.
Комментарии