Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси дори воситалари нархини 21,1 млрд сўмга ошириш бўйича 686 мингга яқин ҳолатни аниқлади.
Ўтган давр мобайнида қарийб 2,5 мингта дорихона томонидан қарийб 686 мингта ҳолатда чекланган савдо устамаси 10 фоиздан 3 баробаргача оширилганлиги, натижада истеъмолчилардан 21,1 млрд сўмлик пул маблағлари асоссиз ундирилганлиги аниқланган. Қўмита томонидан уларни истеъмолчиларга қайтариш чоралари кўрилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида 190 дан ортиқ дорихонада қарийб 110,5 мингта ҳолатда 1,4 млрд сўмдан ортиқ маблағлар асоссиз олинган. Ушбу ҳолатлар бўйича ҳам уларни қайтариш чоралари кўрилди.
Фуқаролар дори воситаларини харид қилишда сотувга рухсат этилган нархларни референт нархлар реестри орқали текширишлари, нархлар оширилганлиги аниқланган ҳолларда қўмитанинг 1159 ягона ишонч телефонига мурожаат қилишлари сўралади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили дорихоналар дори-дармонлар нархини ошириш орқали қарийб 8 млрд сўм ноқонуний даромад олган. Йил давомида 765 та дорихонада 267 456 та қоидабузарлик ҳолати аниқланган.
Комментарии