Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва армияни рақамлаштиришга оид тақдимот билан танишди.
Тақдимотда армияни рақамлаштириш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Мудофаа вазирлиги тизимида коммуникация инфратузилмаси модернизация қилиниб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда, маълумотлар алмашинувининг ҳимояланган каналлари ривожланмоқда.
Автоматлаштирилган бошқарув тизимларини янада ривожлантириш, роботлаштирилган ва автоном комплекслардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш таклиф этилди.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида Рақамли технологиялар бош бошқармаси, Сунъий интеллект технологиялари департаменти ва Киберхавфсизлик лабораторияси ташкил этилади. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барқарор алоқани таъминлаш учун Сунъий йўлдош алоқа маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Мудофаа соҳасида ягона рақамли сиёсатни юритиш учун мудофаа вазирининг ўринбосари лавозими, ҳарбий округларда эса қўмондонларнинг рақамлаштириш, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Тақдимот якунида Олий Бош Қўмондон таклифларни маъқуллаб, армияни янада рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация тизимлари ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишга қаратилган қатор ҳужжатларни имзолади.
Бундан ташқари, мудофаа соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллектнинг миллий моделларини яратиш ва малакали ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш вазифалари қўйилди.
Комментарии