Лойиҳага кўра, жисмоний шахслар ҳисобрақамига 2500 базавий ҳисоблаш миқдоридан (1 млрд сўмдан ортиқ) тушган маблағлар юқори хавфли операция сифатида баҳоланиб, банклар томонидан қўшимча таҳлилдан ўтказилиши мумкин.
Шунингдек, вояга етмаганлар ҳисобрақамлари бўйича операциялар устидан ҳам назорат кучайтирилади. Хусусан, 16 ёшгача бўлган шахслар томонидан икки иш куни ичида 40 БҲМ (тахминан 16,5 млн сўм)дан ортиқ маблағ айланмаси амалга оширилса, бундай операциялар алоҳида текширувга олинади.
Янги қоидаларга мувофиқ, банк карталари ёки электрон ҳамёнларга 1000 БҲМ (тахминан 412 млн сўм)дан ортиқ маблағ тушиши ҳам — бир марталик ёки 30 кун давомида босқичма-босқич келиб тушган тақдирда — кучайтирилган назоратга тушади. Бу, айниқса, қисқа муддатда кўплаб тушумлар амалга оширилганда ёки халқаро операциялар билан боғлиқ ҳолларда қўлланилади.
Бунда кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси билан боғлиқ қонуний ҳисоб-китоблар (жумладан, эскроу ҳисобрақамлари орқали) мазкур талаблардан мустасно қилинади.
Шу билан бирга, импорт шартномалари доирасида амалга оширилган операциялар ҳам назоратга олинади. Агар хорижий валютада ўтказилган маблағлар хизматлар ёки аралаш етказиб бериш (товар/хизмат) орқали дебитор қарзни қоплашга йўналтирилса ва умумий сумма 3000 БҲМ (тахминан 1,2 млрд сўм)дан ошса, бундай операциялар ҳам текширилади.
Ҳужжатда юқори хавфли мижозлар тоифасига ҳам аниқлик киритилган. Энди Ўзбекистонда ПИНФЛ олган норезидент жисмоний шахслар ушбу тоифадан чиқарилади.
Шу билан бирга, номинал таъсисчиларга эга юридик шахслар хавф омилларидан бири сифатида рўйхатга киритилиши таклиф этилмоқда.
Комментарии