Адлия вазирлиги 16 март куни уй-жой ва автомобиллар бўйича битимларни рўйхатдан ўтказишнинг янги тартибини тасдиқлади. Унга кўра, нотариуслар шартномаларни фақат банклар томонидан тақдим этилган электрон тўлов маълумотлари асосида тасдиқлайди.
Тўловни амалга ошириш учун харидор ёки унинг вакили банкка ёзма ёки электрон ариза билан мурожаат қилади. Банк шартномада кўрсатилган маблағни нақд ёки нақдсиз шаклда қабул қилиб, уни эскроу ҳисобга жойлаштиради.
Эскроу ҳисоб сифатида харидор ўзининг амалдаги талаб қилиб олиш ҳисобварағини, банк картасини ёки электрон ҳамёнини ишлатиши мумкин.
Агар шартномада муддатли тўлов кўзда тутилган бўлса, эскроу ҳисобга дастлабки тўлов жойлаштирилади. Агар тўлов кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилса, банк бу ҳақда нотариусга хабар беради.
Маблағ эскроу ҳисобга жойлаштирилгандан сўнг, томонлар шартномани тасдиқлаш учун нотариусга мурожаат қилади. Нотариус ҳисобда пул мавжудлигини текшириб, тасдиқлайди. Шундан кейин маблағ харидор ҳисобидан сотувчи ёки унинг вакили ҳисобига ўтказилади.
Марказий банк берган маълумотга кўра, эскроу ҳисобларидан фойдаланиш талаби кўчмас мулк, 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифадаги транспорт воситалари, шунингдек махсус техникаларни олди-сотди шартномаларига татбиқ этилади. Ушбу тартиб 1 апрелдан кучга киради.
Кўчмас мулк битимлари учун энг юқори комиссия БҲМнинг 50 фоизини (206 минг сўм), автотранспорт битимлари учун эса 25 фоизни (103 минг сўм) ташкил этади.
Бу чекловлар давлат улуши мавжуд бўлган тўққизта банкка татбиқ этилади («Агробанк», «Алокабанк», «Асакабанк», БРБ, «Микрокредитбанк», Халқ банки, НБУ, «Туронбанк», «Ўзсаноатқурилишбанк»). Қолган банклар комиссия миқдорини ўз ички сиёсатига кўра белгилайди.
Агар харидор ва сотувчи бир хил банк хизматларидан фойдаланса, комиссия фақат бир марта ундирилади. Агар турли банклардан фойдаланилса, комиссия ҳар икки банк ўртасида тенг тақсимланади.
Битим бажарилмаган ёки бекор қилинган тақдирда, эскроу ҳисобидаги маблағ харидорга қайтарилади.
Комментарии