Жорий йилнинг 11 март куни қабул қилинган ЎРҚ–1121-сонли қонун билан ЖК ҳамда МжТКга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Янги тартибга кўра, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ва газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш фуқароларга БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 25 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Илгари фуқаролар учун БҲМнинг 10–15 баравари, мансабдор шахслар учун эса БҲМнинг 20–25 баравари миқдорида жарима белгиланган эди.
Шунингдек, электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиш БҲМнинг 15 бараваридан 25 бараваригача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ билан жазоланиши мумкин.
ЖКга киритилган ўзгартишларга кўра, бундай ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин яна содир этилса, БҲМнинг 30 бараваридан 75 бараваригача жарима, 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланди.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Комментарии