Ўзбекистонда энергетика соҳасида муҳим илмий-технологик ютуқ қайд этилди — илк бор маҳаллий хом-ашё асосида замонавий ванадий оқим аккумулятори технологияси ишлаб чиқилди.
Мазкур инновацион ишланма Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг Амалий нанотехнологиялар лабораторияси олимлари томонидан яратилди.
Мутахассислар таъкидлашича, технология қайта тикланувчи энергия манбаларидан олинадиган электр энергиясини катта ҳажмда ва узоқ муддат сақлаш имконини беради. Бу эса мамлакатнинг энергетик мустақиллигини таъминлаш ва “яшил энергетика”ни ривожлантиришда стратегик аҳамият касб этади.
Лойиҳа доирасида сульфат кислота ишлаб чиқаришда фойдаланилган ванадий асосидаги катализаторлар қайта ишланди. Тадқиқотлар натижасида маҳаллий саноат чиқиндиларидан олинган V2O5 (ванадий беш оксиди) 99,6 фоиз тозаликкача етказилди.
Институт катта илмий ходими Шуҳрат Искандаровнинг маълум қилишича, маҳаллий қайта ишланган хом-ашёдан фойдаланиш технология таннархини пасайтириш, саноат чиқиндиларини камайтириш ва экологик хавфсизликни таъминлаш имконини беради.
Яратилган технология асосида лаборатория шароитида бир ячейкали ванадий оқим аккумулятори тажриба модели тайёрланиб, амалда синовдан ўтказилди.
Синов натижаларига кўра:
- аккумулятор 300 цикл давомида барқарор ишлаган;
- энергия самарадорлиги 90 фоизни ташкил этган;
- сиғими 28 mAh/g даражасида қайд этилган.
Мутахассисларга кўра, ванадий оқим аккумуляторлари анъанавий батареялардан фарқли равишда энергияни суюқ электролит таркибида сақлайди. Бу эса уларнинг хизмат муддатини 20–25 йилгача узайтириш ва 10–15 минг заряд-разряд циклига эришиш имконини беради.
Ушбу технология:
- қуёш ва шамол электр станцияларида,
- электр тармоқлари барқарорлигини таъминлашда,
- саноат корхоналарида энергия сарфини оптималлаштиришда,
- касалхоналар ва стратегик объектларда захира манбаи сифатида қўлланилиши мумкин.
Айни пайтда технологиянинг лаборатория прототипи яратилган бўлиб, уни саноат миқёсида жорий этиш бўйича тадқиқотлар давом этмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу ишланма маҳаллий ресурслар асосида катта ҳажмли энергия сақлаш тизимларини ривожлантириш, импортга қарамликни камайтириш ва мамлакатнинг технологик мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Комментарии