Ўзбекистонда 4 минг км магистрал йўл халқаро стандартдаги автобанларга айлантирилади. Бу 2026 йилга мўлжалланган ислоҳотлар дастури доирасида, Президент фармони билан тасдиқланган.
Ҳужжатга кўра, Андижан – Қўнғирот, Тошкент – Термиз, Самарқанд – Шаҳрисабз, Олот – Сариосиё йўналишларидаги йўллар модернизация қилинади.
Лойиҳани амалга ошириш учун давлат бюджети маблағлари ҳамда халқаро молия институтлари ресурслари жалб этилади.
Натижада йўл соҳасини замонавий босқичга олиб чиқиш, халқаро аҳамиятга эга автойўллар тармоғини жадал ривожлантириш, республиканинг транзит салоҳиятини ошириш ва автомобиль йўллари сифатини яхшилаш кутилмоқда.
Шунингдек, Қорақалпоғистон, Бухоро вилояти, Қашқадарё вилояти ва Сурхондарё вилояти ҳудудларидан ўтувчи умумий фойдаланишдаги йўллар ҳам реконструкция қилинади.
Жумладан, 220 км халқаро ва давлат аҳамиятидаги, шунингдек 80 км маҳаллий аҳамиятга эга йўллар халқаро молия институтлари ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайта қурилади.
Бунинг натижасида йўлларнинг ўтказувчанлик қобилияти ошади, транспорт воситалари учун рухсат этилган ўқ юкламаси 13 тоннага кўпаяди, манзилга етиб бориш вақти 6 соатга қисқаради, эксплуатация харажатлари эса икки баробар камаяди.
Бундан ташқари, Тошкент – Самарқанд йўналишида янги автомобиль йўлини қуриш ҳамда 2030 йилга қадар қўшимча 1,2 минг км йўлни реконструкция қилиш режалаштирилган. 15 мартга қадар лойиҳани амалга ошириш бўйича хорижий ҳамкор аниқланади, сентябргача шартнома имзоланади ва декабрда қурилиш ишлари бошланади.
Комментарии