Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Венгриянинг Magnus Aircraft Zrt компанияси бош директори Ласзло Борос билан учрашув ўтказди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати.
Учрашувда томонлар компания томонидан ишлаб чиқарилаётган Magnus Fusion 212 самолётларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятларини муҳокама қилдилар.
Маълумот учун: Magnus Fusion 212 - бу таълим, спорт ва шахсий парвозлар учун мўлжалланган икки ўринли енгил спорт самолёти. У тўлиқ композит тузилишга, юқори маневрчанликка эга ва учувчиларнинг асосий тайёргарлиги учун ҳам, аэробатик машғулотлар учун ҳам ишлатилиши мумкин. Самолёт тежамкорлиги ва фойдаланишда арзонлиги билан ажралиб туради, шунингдек, енгил спорт самолёти сифатида сертификатланган.
Magnus Aircraft Zrt. - композит материаллардан инновацион самолётларни лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва сотишга ихтисослашган Венгрия халқаро компанияси. Магнус гуруҳининг вакиллари АҚШ, Хитой, Кения, Нигерия, Сербия ва Яқин Шарқ мамлакатларида ўз фаолиятини олиб боради.
Комментарии