Ўзбекистоннинг миллий павильони The Aural Sea экспозицияси билан 9 майдан 22 ноябрга қадар «In Minor Keys» («Минор оҳангларда») шиори остида ўтадиган 61-Венеция замонавий санъат биенналесида иштирок этади. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати маълум қилди.
The Aural Sea лойиҳаси Оролбўйи минтақасига бағишланган бўлиб, экологик ўзгаришларни миф яратиш, сторителлинг ва тинглаш амалиёти орқали англашни таклиф этади. Жамғарма раиси Гаянэ Умерова буюртмаси билан амалга оширилган ушбу лойиҳа Қорақалпоғистондаги Орол денгизи ҳудудининг тажрибасини бадиий мушоҳада қилишга қаратилган.
Павильон кураторлари — Азиза Изамова, Камила Мухитдинова (Ўзбекистон), Софи Майуко Арни (Швейцария), Нико Сун (Хитой) ва Тхай Ха (Вьетнам) — Бухоро биенналеси Кураторлик мактаби доирасида шаклланган жамоадир.
Павильонда иштирок этувчи рассомлар: Жаҳонгир Бобоқулов, Зи Қаҳрамонова, Айгул Сарсен, Зулфия Споварт (Ўзбекистон), Синь Лю (Хитой), А. Мураками (Япония) ва Нгуен Фыонг Линь (Вьетнам). Уларнинг ижодий ишлари илмий моделлаштиришдан тортиб фольклор тасаввуригача, монументал текстильдан то камера ҳунармандчилигигача бўлган турли йўналишларни қамраб олади.
Павильон қорақалпоқ ёзувчиси Аллаяр Дарменов ижодидан илҳомланган. У 2015 йилдан бошлаб ўз асарларида «Орол денгизни қайта тирилтириш» ғоясини илгари суриб келмоқда. Лойиҳа тасаввурни амал шакли сифатида кўришни таклиф этади: миф яратиш ва ҳикоя қилиш — қочиш эмас, балки йўқотишни англаш ва ҳали мумкин бўлган нарсалар учун макон сақлаб қолиш воситасидир.
Павильон номи — The Aural Sea — экспозиция методига ишора қилади: тинглаш. Лойиҳа драматик ўзгаришларни бошдан кечирган ландшафтни қандай «эшитиш» мумкинлиги ва бу ўзгаришлар билан авлодлар давомида яшаб келаётган инсонлар овозига қулоқ тутиш орқали нимани ўрганиш мумкинлиги ҳақида савол қўяди.
Бу Ўзбекистоннинг Венеция замонавий санъат биенналесидаги учинчи иштироки ҳисобланади.
«The Aural Sea Жамғарманинг Оролбўйи минтақасига ва билим ҳамда барқарор ҳамкорлик орқали маданиятни ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли саъй-ҳаракатларини акс эттиради. Бухоро биенналеси Кураторлик мактабидан тортиб Қорақалпоғистондаги фанлараро Aral School’гача — биз маданий ва экологик келажакка йўналтирилган инсонлар ва ғояларга сармоя киритмоқдамиз. Турли овозларни бирлаштирган ушбу павильон фанлар, авлодлар ва экологик ўзгариш шароитида яшаш нимани англатиши ҳақидаги турли тушунчалар ўртасида мулоқот майдонини яратади», — деди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаянэ Умерова.
Шунингдек, Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси 61-Венеция биенналеси доирасида расмий параллель лойиҳа сифатида Тошкент Замонавий санъат маркази томонидан ташкил этилган Palazzo Franchetti саройида Вячеслав Ахуновнинг «Instruments of the Mind» номли шахсий кўргазмасини ҳам тақдим этади.
Комментарии