Travel and Tour World халқаро нашри хабар беришича, янги тур элита туризми соҳасидаги энг шиддатли лойиҳалардан бири ҳисобланади. Умумий узунлиги 3 862 км бўлган маршрут Пекинда бошланиб, Тошкентда якунланади ҳамда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудларини қамраб олади.
Маршрут тафсилотлари ва логистика
Golden Eagle Luxury Trains расмий сайтига кўра, «The Grand Silk Road» деб номланган саёҳат икки хил хусусий поезд ва авиапарвоздан фойдаланишни ўз ичига олади:
- Хитой босқичи: Сайёҳлар 6 тун давомида Golden Eagle Silk Road Express поездида бўлишади. Дастурга Пекиндаги Буюк Хитой девори ва Мамнуъ шаҳар, Сиандаги Терракота қўшини, Дуньхуандаги Могао ғорлари ҳамда Қашғар оазисига ташрифлар киритилган.
- Парвоз: Қашғардан Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига хусусий чартер рейси амалга оширилади. Бу ерда сайёҳлар Ritz-Carlton меҳмонхонасида жойлаштирилади.
- Марказий Осиё босқичи: Қолган 12 тун La Belle Époque (Гўзал давр) услубида безатилган флагман Golden Eagle поездида ўтади.
Поезд Буюк ипак йўлидаги асосий манзилларда тўхтайди. Улар орасида Иссиқкўл кўли ва Бишкек (Қирғизистон), Душанбе (Тожикистон), шунингдек Ўзбекистоннинг дурдоналари — Хива, Бухоро ва Самарқанд бор. Саёҳат Тошкентда якунланади.
Қулайлик даражаси ва нархлар
Турда иштирок этиш нархи бир киши учун $50 700дан бошланади (икки кишилик жойлашувда). Бу суммага яшаш, овқатланиш, трансферлар ва экскурсиялар киритилган.
Йўловчиларга уч тоифадаги купелар таклиф этилади:
- Silver Class (5,5 кв. м);
- Gold Class (7 кв. м);
- Imperial Suites (11 кв. м) — king-size ётоқ, дам олиш зонаси ва иссиқ поллар билан жиҳозланган энг ҳашаматли хоналар.
Поездда юқори даражадаги таомлар тақдим этиладиган ресторан-вагонлар ҳамда тирик фортепиано мусиқаси янграб турадиган бар мавжуд.
Йўлга чиқиш саналари
Travel and Tour World маълумотларига кўра, жойлар сони қатъий чекланган. Ҳозирча қуйидаги саналар эълон қилинган:
- 2026 йил 21 сентябрдан 12 октябргача;
- 2027 йил 30 августдан 22 сентябргача.
Янги маршрут нафақат бой сайёҳларни жалб қилиши, балки Марказий Осиё давлатларининг люкс дам олиш йўналиши сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаши кутилмоқда.
Комментарии