Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Давлат экологик назорати инспекцияси ва Самарқанд вилояти Экология бош бошқармаси Зарафшон дарёси ўзанида ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини қазиб олиш ҳолатини аниқлади. Бу ҳақда Экология вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ҳуқуқбузарлик илгари мораторий жорий этилган Тойлоқ тумани ҳудудида содир этилган.
Ўрганиш давомида дарё ўзанидан ноқонуний қазиб олинган норуда материаллар махсус бетон конструкциялардан фойдаланган ҳолда Ургут тумани ва Самарқанд шаҳрини боғловчи янги темир йўл линияси орқали ташиб кетилиб, "ZARAFSHON PROPRIETY SERVICE" МЧЖ ҳудудига жойлаштирилганлиги аниқланди.
Ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 422 млрд 648 млн 358 минг сўм зарар етказилган. Ушбу факт бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топшириш учун тайёрланмоқда.
Темир йўлларда бетон блокларни жойлаштириш ҳолати бўйича ҳудудий ички ишлар органлари томонидан текширув тадбирлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли фармони билан 2024 йилда Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё ва Сурхондарё дарёлари ўзанларида норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий этилган эди.
Комментарии