Жорий йилдаги Янги йил Президент арчаси доирасида 0 ёшдан 17 ёшгача бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун номига очилган депозит ҳисоб рақамлари ташкил этилди. Ҳар бир ҳисоб рақамига давлат томонидан 500 АҚШ доллари жойлаштирилди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, ушбу қўллаб-қувватлаш маҳаллаларда яшовчи етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга, меҳрибонлик уйлари, оилавий ва кичик болалар уйлари, SOS болалар шаҳарчалари тарбияланувчиларига, Ватан ҳимоячиларининг ҳалок бўлган фарзандларига, шунингдек «Таскин» хосписи қошидаги болалар онкология шифохонасида даволанаётган ўғил-қизларга татбиқ этилади.
Муҳим жиҳати шундаки, «Таскин» хосписида даволанаётган болалар учун депозит ҳисоб рақамидаги маблағлар қонуний вакилларининг сўровига кўра исталган вақтда банк картасига ўтказиб берилиши мумкин.
Шу билан бирга, депозитлар очилиши билан 9 ёшдан ошган болалар ва уларнинг қонуний вакилларига ижтимоий карталар ҳам тақдим этилди. Ушбу карталар орқали имтиёзли жамоат транспортидан фойдаланиш, товар ва хизматлар учун тўлов қилиш, шахсни тасдиқлаш ҳамда ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқлаш мумкин. Барча операцияларни Baraka мобил иловаси орқали назорат қилиш имконияти мавжуд.
Комментарии