Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги томонидан 20 ноябрдан 20 декабргача бутун республика бўйлаб «Хавфсиз ва соғлом мамлакат» кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирларининг учинчи босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.
Мазкур ойлик доирасида Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жами 592 та ҳолат аниқланди. Ноқонуний муомаладан 49 кгдан ортиқ гиёҳванд моддалар, шунингдек 72 818 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.
Шунингдек, 41 нафар «закладчик» аниқланиб, улардан 2 кг 710 г гиёҳванд модда олинди. 285 та наркограффити аниқланиб, ўчириб ташланди, уларни чизган 38 нафар шахсга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Жами 256 та жиноят иши қўзғатилди.
Мирабод туманида ўтказилган тадбирлар давомида икки нафар шахс қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар Telegram-бот орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган ва нарколаборатория ташкил этган. Улардан умумий қиймати 2 млрд 923 млн 200 минг сўмга тенг, 12 600 дозани ташкил этувчи гиёҳванд ва кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Шунга ўхшаш ҳолат Мирзо Улуғбек туманида ҳам аниқланди. Фуқаронинг уйи кўздан кечирилганда 15 кг марихуана ҳамда 300 та мак қутичаси топилиб, мусодара қилинди. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жами қиймати 3 млрд 750 млн сўмга тенг бўлган 7 500 доза гиёҳванд моддалар олинди. Ушбу ҳолат бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилди.
Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида ўзаро боғлиқ бўлган беш нафар шахс қўлга олинди. Натижада «прегабалин» номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалиши олди олинди, бу эса 13 607 нафар инсоннинг заҳарланишига сабаб бўлиши мумкин эди.
Ушбу ҳолат, шунингдек юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур йўналишдаги тадбирлар давом эттирилмоқда.
Комментарии