ИИВ, ДХХ ва Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган махсус операция натижасида хавфли жиноятчи қўлга олиниб, ватанга қайтарилди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, жорий йилнинг 5 декабрь куни жиноий доираларда "грязь" лақаби билан танилган, 1993 йилда туғилган Ё.М. Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.
Маълум қилинишича, қўлга олинган шахс жиноий гуруҳга раҳбарлик қилиб, республика ҳудудида бир қатор оғир жиноятларни содир этган. 2023 йилда Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Унга ЖКнинг бир қатор моддалари бўйича айблов эълон қилинган:
• 112-модданинг 2-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш);
• 164-модда 4-қисми (уюшган гуруҳ томонидан содир этилган босқинчилик);
• 165-модда 3-қисми (жуда кўп миқдорда товламачилик);
• 173-модда 2-қисми (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш);
• 242-модда 1-қисми (жиноий уюшма ташкил этиш).
Ҳозирда қўлга олинган шахс кейинги процессуал ҳаракатларни ўтказиш учун тергов органларига топширилган. Унга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси таҳдид солмоқда.
Комментарии