Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тадбиркорларга акцияларни ўтказиш ва чегирмаларни қўллашда қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишни эслатди.
Қайд этилишича, Янги йил кириб келиши билан кўплаб тадбиркорлар турли акция ва чегирмаларни таклиф қилмоқда.
Масалан, бугунги кунда: "янги йил акцияси", "янги йил чегирмаси", "бирини олинг иккинчиси текинга", "чегирма эълон қилдик", "акциямиз бошланди", "чегирма 50 фоиз", "барча товарларга акция", "фақат бугун улгуриб қолинг" ва бошқа турдаги жалб қилувчи акциялар кўпайиб кетди.
Бироқ уларнинг баъзилари сохта чегирмалар, акциялар эълон қилади ёки чегирма миқдори, акцияда иштирок этаётган товар миқдори ва бошқа зарур маълумотларни тақдим этмайди.
Ўтган давр мобайнида қўмитага 48 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг катта қисми истеъмолчиларга тўғри ва ишончли маълумот берилмагани билан боғлиқ.
Чакана савдо қоидаларига кўра, сотувчи ўз товарларига чегирмалар эълон қилар экан, товарлар ва нархлар ҳисобини юритиши, сўнгги 30 кун ичида товарнинг ҳақиқий нархларини қайд этиши ва истеъмолчининг талабига биноан ушбу маълумотларни тақдим этиши шарт.
Чегирма қўлланилганда сотувчи:
• чегирмани аниқ фоизларда ёки суммада белгилаш ва нархни оддий ва тушунарли кўрсатишни таъминлаш;
• истеъмолчининг талабига кўра ҳар бир товар учун чегирмадан олдин товар нархи тўғрисида аниқ маълумот бериш;
• чегирма эълон қилинишидан олдинги охирги 30 кундаги энг паст нархни (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари) ҳужжатлар (далиллар) билан тасдиқлаш;
• агар чегирма билан сотиладиган товарлар сони чекланган бўлса, ёки товарлар мавсумий бўлса, ёки чегирма уларнинг ҳолати билан боғлиқ бўлса (яроқлилик муддатининг тугаши, ўрамнинг шикастланиши, эски захираларнинг йўқ қилиниши ва бошқалар), сотувчи бу маълумотларни чегирма эълонида кўрсатиши шарт;
• чегирманинг амал қилиш муддатини (бошланиш ва тугаш санасини) аниқ кўрсатиш, агар чегирма фақат маълум шартлар асосида амал қилса, бу шартларни олдиндан кўрсатиш;
• агар чегирма тақдим этиш истеъмолчидан шахсий маълумотларни тақдим этиш ёки рўйхатдан ўтишни талаб қилса, сотувчи шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиши ва истеъмолчини ушбу маълумотларни қайта ишлаш мақсадлари ва шартлари тўғрисида хабардор қилиши шарт.
Шунингдек, чегирма эълон қилинганда унинг шартлари ва амал қилиш муддати аниқ кўрсатилиши керак.
Рағбатлантирувчи акциялар ўтказилаётганда сотувчи истеъмолчиларга акциянинг муддатлари, унда иштирок этиш шартлари, акцияда иштирок этаётган товарларнинг номи (тоифаси) ва миқдори тўғрисидаги аниқ ва тушунарли ахборотни етказиши, акция шартларини ўзгартирмаслиги ҳамда таклиф этилаётган чегирмалар, бонуслар ва бошқа имтиёзлар ҳақиқатда қўлланилишини таъминлаши шарт.
Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, никотин ва тамаки истеъмол қилиш мосламаларини сотишда чегирмаларни қўллаш ҳамда дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, шунингдек энергетик ичимликлар рекламасида рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.
Қўмита қоидабузарликлар аниқланган тақдирда тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирди.
Комментарии