Адлия вазирлиги стационар тиббиёт муассасаларидан беморларни тиббий кўрсатмалар асосида бошқа тиббиёт муассасаларига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни давлат рўйхатига олди.
Низомга кўра, беморларни бир тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказиш уларга зарур ихтисослашган тиббий ёрдамни ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатишни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Беморлар зарур тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд бўлган тиббиёт муассасалари орасидан ўзлари ўтказиладиган муассасани эркин танлаш ҳуқуқига эга.
Беморларни ўтказиш шифокор томонидан берилган тиббий хулоса асосида амалга оширилади.
Тиббий хулоса амалдаги тиббиёт муассасасида зарур мутахассислар ёки ускуналар мавжуд бўлмаган ҳолларда ёки ихтисослашган тиббий ёрдам фақат бошқа муассасада кўрсатилиши мумкин бўлган ҳолларда расмийлаштирилади.
Тиббий хулоса берилганидан сўнг шифокор беморга унинг бошқа тиббиёт муассасасига ўтказилиши мақсадлари, шароитлари ва мумкин бўлган оқибатларини тушунтириши hamda бемордан ёзма равишда розилигини олиши шарт.
Беморни ўтказишдан олдин қабул қилувчи тиббиёт муассасасида бўш ўринлар, зарур ускуналар ва мутахассислар мавжудлиги олдиндан аниқланади.
Беморни бир тиббиёт муассасасидан бошқасига ўтказиш бепул амалга оширилади, шифокор кузатуви остида ва ҳаётий муҳим кўрсаткичларнинг барқарорлигини таъминлаган ҳолда бажарилади.
Комментарии