Қарорга кўра, пойтахтда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши устидан назоратни кучайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида экологик вазиятни яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича махсус комиссия ташкил этилади.
Махсус комиссияга қуйидагилар топширилди:
- атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи барча манбаларни таҳлил қилиш ва уларни камайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- ҳавонинг, шу жумладан саноат корхоналари, автотранспорт, қурилиш объектлари фаолиятининг ифлосланиш сабабларини аниқлаш;
- атмосфера ҳавоси сифатига салбий таъсир кўрсатадиган объектлар фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- ифлослантирувчи моддалар чиқиндилари мониторингини ўтказиш;
- корхоналар ва ташкилотлар томонидан экология қонунчилиги бузилиши ҳолатларини аниқлаш ва уларга чек қўйиш;
- экологик талабларга жавоб бермайдиган объектлар фаолиятини вақтинча чеклаш ёки тўхтатиб туриш тўғрисида таклифлар тайёрлаш;
- қоидабузарликларни аниқлаш ва чора кўриш мақсадида шаҳар туманларида рейдлар ўтказиш.
Шунингдек, комиссияга атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатаётган иссиқхона хўжаликлари ва бошқа объектлар фаолиятини вақтинча тўхтатиш топширилди.
Шунингдек, экологик талаблар мажбурий равишда қайта кўриб чиқиладиган саноат зоналари ва корхоналар рўйхати тузилади.
Комиссиянинг бошқа вазифалари қаторига ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг лимитларини белгилаш, қурилиш майдонларини назорат қилиш, яшил майдонларни хатловдан ўтказиш ва ҳавони тозалаш бўйича замонавий технологияларни жорий этиш киради.
Комментарии