Олий тоифали режиссёр, муҳаррир, телебошловчи, "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" лойиҳаси орқали танилган Мираббос Мирзааҳмедов вафот этди.
Мираббос Мирзааҳмедов 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Телерадио соҳасидаги ижодий фаолиятини бундан 60 йил муқаддам, 1965 йилда бошлаган.
"Баҳор қайтмайди", "Қалбингга қулоқ сол", "Дунёнинг ишлари", "Инсон садоқати", "Биллур қандиллар", "Эътироф" каби элликдан зиёд видеофильмларни, "Буни ҳаёт дейдилар" туркум кўрсатувларини тасвирга олишда бош-қош бўлган.
Узоқ вақт мобайнида "Оталар сўзи – ақлнинг кўзи" лойиҳаси орқали эзгулик ғояларини илгари суриш, миллий оилавий қадриятларни тарғиб этиш, ёш авлодга ахлоқ-одоб меъёрларини сингдириш ишига залворли ҳисса қўшиб келган.
Фидойи меҳнати, мавзуларни экранга олиб чиқишда халқчил ва самимий ёндашуви билан томошабинлар эътибори, ҳурмати ва меҳрига сазовор бўлган Мираббос Мирзааҳмедов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, "Меҳнат шуҳрати" ва "Дўстлик" орденлари билан мукофотланган.
Комментарии