Uzbekistan Airways хитойлик лизинг компаниялари билан олтита янги Airbus A321neo самолётини лизинг асосида етказиб бериш бўйича англашув меморандумини имзолади.
Хусусан, ICBC Aviation Leasing компанияси билан икки дона Airbus A321neo самолётини, China Aircraft Leasing Group Holdings Limited (CALC) компанияси билан эса тўрта самолётни етказиб бериш бўйича келишувга эришилди.
Икки синфли салон конфигурациясига эга лайнерлар 2027–2028 йилларда топширилиши режалаштирилган.
“Компания ICBC Aviation Leasing билан ҳамкорлик доирасида илк бор самолёт қабул қилмоқда. Бу янги ҳамкорлик йўналишини очади ва Uzbekistan Airwaysнинг халқаро авиализинг бозоридаги мавқеини мустаҳкамлайди”, — дея таъкидланди авиакомпанияда.
Янги Airbus A321neo самолётлари Airbus’нинг замонавий Airspace Premium салонлари, замонавий кўнгилоchar тизимлар ҳамда парвоз давомида интернетдан фойдаланиш имконияти билан жиҳозланади. Бу ечимлар йўловчиларга янада қулай шарт-шароит ва рақамли хизматлардан кенг фойдаланиш имконини яратади.
“CALC билан ҳамкорлик Uzbekistan Airways’ни модернизация қилиш йўлидаги муҳим босқичдир. Биз тизимли равишда паркимизни янгилаяпмиз, замонавий технологияларни жорий этаяпмиз ва йўловчилар қулайлигига алоҳида эътибор қаратаяпмиз”, — деди Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худайқулов.
Янги Airbus A321neo самолётларининг етказиб берилиши Uzbekistan Airways’нинг паркни модернизация қилиш ва хизматларни рақамлаштириш бўйича кенг қамровли дастурининг бир қисми бўлади. Дастур ташувлар самарадорлигини ошириш, йўналишлар тармоғини кенгайтириш ҳамда углерод изини камайтиришга қаратилган.
Маълум қилинишиича, янги самолётлар эксплуатацияга топширилгач, Uzbekistan Airways’нинг Airbus A321neo парки 2028 йилга бориб 15 тага етади.
Комментарии